Алоуддин Мансур — 358
24:59 Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас, улар ҳам худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.
24:60 Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни, рўмол, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир. Ўзларини пок (яъни, рўмол, ёпинчиқда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
24:61 (Жиҳодга чиқмай қолишларида) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир, чўлоққа хараж йўқдир, хастага хараж йўқдир (яъни, улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмас). (Эй мўминлар), сизлар ўз уйларингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё оға-иниларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сизлар калитларига эга бўлган уйлардан ё дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда сизларга (гуноҳ йўқдир). Тўпланган ё бўлинган ҳолларингизда таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни, «Ассалому алайкум», денглар). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур.