Алоуддин Мансур — 354
24:32 Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билгувчидир.
24:33 Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!! (Эй мўминлар), қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни, диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар! Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг (у чўриларни) мағфират қилгувчи ва (уларга) раҳм-шафқат қилгувчидир.[6]
24:34 (Эй мўминлар), дарҳақиқат, Биз сизларга очиқ-равшан оятларни, сизлардан илгари ўтган зотлар тўғрисидаги мисолларни ва тақводор кишилар учун панд-нисаҳатни нозил қилдик.
24:35 Аллоҳ осмонлар ва Ернинг нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб — йўқдан бор қилиб тургувчидир). У зот нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахтининг (мойидан) ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудек. (Олов теккач эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ Ўзининг (бу нурига) Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.
24:36 (У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эрта-ю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки,