Алоуддин Мансур — 351
24:11 Шак-шубҳасиз, бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир Улардан (яъни, бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир.[4]
24:12 (Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!», десалар бўлмасмиди?!
24:13 Улар (яъни, Оишани бандом қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар.
24:14 Агар сизларга дунё ва Охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди.
24:15 Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб уйлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир).
24:16 Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!», десангизлар бўлмасмиди?!
24:17 Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур.
24:18 Ва Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Соҳибидир.
24:19 Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.
24:20 Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати ва Аллоҳнинг меҳрибон ва раҳмли экани бўлмаса эди (албатта, сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди).