>

Алоуддин Мансур — 350

24:1 (Ушбу) Биз нозил қилган ва (ундаги ҳукмларни мусулмонлар зиммасига) фарз қилган бир сурадир. Сизлар эслатма-ибрат олишингиз учун Биз унда очиқ-равшан оятларни нозил қилдик.

24:2 Зинокор аёл ва зинокор эркак — улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни, зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар![1]

24:3 Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни, зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир.

24:4 Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир.[2]

24:5 Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

24:6 Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар — уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз, ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир).

24:7 (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир).[3]

24:8 У (аёлдан) азоб-жазони «У (яъни, эри) шак-шубҳасиз, ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур.

24:9 (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса агар эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир.

24:10 Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса ва Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаса эди (албатта ё эр, ё хотин шарманда қилинган бўлур эди).