>

Алоуддин Мансур — 35

2:220 Дунё ва Охират ҳақида (тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади). Сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир. Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи — ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.

2:221 То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эркакларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ Ўз изни-иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади. Ва одамлар эслатма олишлари учун Ўз оятларини баён қилади.

2:222 Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта, Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади».

2:223 Хотинларингиз сизлар учун экинзордир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг ва ўзингиз учун яхши амаллар тақдим қилинг! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини етказинг![43]

2:224 Яхшилик қилиш, тақводор бўлиш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсувчи бўлган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.[44]