Алоуддин Мансур — 349
23:105 (Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди, сизлар уларни ёлғон деган эмасмидингизлар?!», (дейилганида),
23:106 Улар дедилар: «Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз.
23:107 Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас, агар яна (туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз, (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз».
23:108 (Аллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!
23:109 Аниқки, Менинг бандаларимдан бир гуруҳ бор эди. Улар: «Парвардигоро, (Ўзингга) иймон келтирдик. Бас, Сен бизларни мағфират қилгин ва бизларга раҳм айла: Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан», дер эдилар.
23:110 Бас, сизлар уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(нинг устидан кулиш) сизларга Мени эслашни унутдирди. Сизлар улардан кулган эдингиз.
23:111 Мен бугун уларни (сизларнинг озор-азиятларингизга) сабр-тоқат қилганлари сабабли мукофотладим — улар ҳақиқий (бахт-саодатга) эришгувчидирлар».
23:112 «Ерда қанча йил турдинглар?», деди (Аллоҳ).
23:113 Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришталардан) сўрагин».
23:114 (Аллоҳ) деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда) жуда оз турдингизлар (яъни, сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир).
23:115 Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)!
23:116 Зотан Ҳақ Подшоҳ — Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар У — улуғ арш Соҳиби бордир.
23:117 Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар.
23:118 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Парвардигорим, Ўзинг (гуноҳларимизни) мағфират қилгин ва (ҳолимизга) раҳм айла. Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан».