>

Алоуддин Мансур — 347

23:75 Агар Биз уларга раҳм-шафқат қилсак ва улар билан бўлган нарсани (қаҳатчиликни) аритсак, шак-шубҳасиз, улар яна ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришга қайтурлар.

23:76 Мана Биз уларни азоб-очарчилик билан ушладик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на тавба-тазарруъ қилдилар.

23:77 То қачон Биз уларга қаттиқ азоб-қаҳатчилик дарвозасини очиб қўйганимизда, эса баногоҳ улар ноумид бўлгувчидирлар.[6]

23:78 (Аллоҳ) сизлар учун қулоқ(лар)ни, кўзларни ва дилларни пайдо қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар.

23:79 У сизларни Ер юзида яратиб — (таратган) Зотдир. Ва сизлар (Қиёмат Кунида) Унинг ҳузурига тўпланурсизлар.

23:80 У ҳаёт ва ўлим берадиган Зотдир. Кеча ва кундузнинг ўзгариб туриши ҳам Унинг (измидадир). Ахир ақл юргизмайсизларми?!

23:81 Йўқ, улар ҳам худди аввалгилар айтган сўзларни айтдилар.

23:82 Улар дедилар: «Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланган вақтимизда яна қайта тирилгувчимизми?!

23:83 Дарвоқеъ, бизларга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилинган. Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир».

23:84 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Агар билгувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу Ер ва ундаги бор жонзот кимники?»

23:85 Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!»

23:86 Айтинг: «Етти осмоннинг хожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?»

23:87 Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!»

23:88 Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), «Барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) Ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?»

23:89 Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас, қандай алданмоқдадирсизлар?!»