>

Алоуддин Мансур — 346

23:60 (Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар;

23:61 Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар.

23:62 Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмасмиз. Бизнинг даргоҳимизда фақат ҳақни сўзлайдиган китоб (яъни, ҳар бир банданинг номайи аъмоли) бордир. Уларга (Қиёмат Кунида яхшиликларини яшириш ё ёмонликларини ошириш билан) зулм қилинмас.

23:63 Йўқ, (кофирларнинг) диллари бундан (яъни, юқорида мазкур бўлган мўминларнинг фазилатларидан) ғафлатдадир. Улар учун ўзлари қилувчи бўлган бундан бошқа (динсизлик, риёкорлик, ширк ва дилозорлик каби) амаллар бордир.

23:64 То қачон Биз уларнинг боёнларини азобга гирифтор қилганимизда (яъни, мол-давлатларини кетказиб, оч-яланғоч қилиб қўйганимизда) баногоҳ улар фарёд қилурлар.

23:65 (Шунда Биз дермиз): «Бугун энди фарёд қилмангиз! Аниқки, сизларга Биз томонимиздан (ҳеч қандай) ёрдам бўлмас.

23:66 (Чунки) сизларга Менинг оятларим тиловат қилинганида, сизлар кетингизга тисланган эдингиз.

23:67 («Байтуллоҳ бизларники», деб), у билан мутакаббирлик қилган ҳолларингизда тунги суҳбатларингизда (Қуръон хусусида) беҳуда сўзлар айтар эдингизлар».

23:68 Ахир улар бу Сўзни — Қуръонни тадаббур-тафаккур қилиб кўрмадиларми ёки уларга аввал ўтган ота-боболарига келмаган нарса келдими (яъни, уларга ҳам Аллоҳ тарафидан пайғамбарлар китоблар билан келган эди-ку)?!

23:69 Ёки ўз пайғамбарларининг (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг ишончли, ростгўй ва хушхулқ инсон эканини) танимай, уни инкор қилгувчи бўлдиларми?!

23:70 Ёхуд: «Унда (Муҳаммадда) жиннилик бор», дедиларми?! Йўқ! (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) уларга Ҳақиқатни келтирди. Уларнинг кўплари эса Ҳақиқатни ёмон кўргувчилардир.

23:71 Агар Ҳақиқат — Қуръон уларнинг ҳавои нафсларига эргашса эди (яъни, унда: «Аллоҳнинг шериклари бор», деган гап келса эди, албатта осмонлар, Ер ва улардаги бор жонзот бузилиб-ҳалок бўлган бўлур эди. Йўқ, Биз улар учун эслатма келтирдик. Улар эса ўзларига (келган) эслатмадан юз ўгиргувчидирлар.

23:72 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ёки сиз улардан харж (яъни, Қуръон оятларини келтирганингиз эвазига ҳақ) сўрамоқдамисиз? (Йўқ, сиз ҳаргиз улардан харж сўрамассиз, чунки) Парвардигорингизнинг харжи — берадиган ажри яхшироқдир. У энг яхши ризқ бергувчидир.

23:73 Шак-шубҳасиз, сиз уларни фақат Тўғри Йўлга даъват қилурсиз.

23:74 Албатта Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар ушбу йўлдан озгувчидирлар.