Алоуддин Мансур — 343
23:18 Ва Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик. Шак-шубҳасиз, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз.
23:19 Сўнг Биз сизлар учун у (сув) ёрдамида хурмо ва узум боғларини пайдо қилдик. Сизлар учун у (боғларда) кўп мевалар бўлур, сизлар улардан ейсизлар.
23:20 Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғли ва егувчилар учун (нон) ҳуруш бўлган ҳолда ўсадиган бир дарахтни (яъни, зайтунни яратдик).
23:21 Албатга сизлар учун чорва молларида ҳам ибрат бордир — Биз сизларни уларнинг қорнидаги сут билан суғорурмиз, яна сизлар учун уларда (юнгларидан кийимлар тўқиш, миниш каби) кўп фойдалар бордир, шунингдек улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар.
23:22 Яна уларнинг устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда юк ташийсизлар.
23:23 (Қасамки), Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми», деди.
23:24 (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ (пайғамбар юборишни) хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди. Бизлар бу (Нуҳ айтаётган «Аллоҳ якка-ягонадир», деган сўз)ни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз.
23:25 У (яъни, Нуҳ) фақат бир жинни бўлган одамдир. Бас, унга бир (оз) вақтгача кўз тутинглар, (агар шу сўзидан қайтмас экан ўлдириб юборурсизлар)», дедилар.
23:26 (Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)».
23:27 Бас, Биз унга ваҳий қилдик: Бизнинг ҳифзу-ҳимоямизда ва Бизнинг ваҳий-таълимимиз билан бир кема ясагин. Бас, қачон Бизнинг фармонимиз келиб, таннурдан (олов ўрнига) фавворалар отилган вақтида у кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли-оилангни солгин. Лекин (кофирлардан) қайси кимсалар устида Бизнинг сўзимиз (яъни, сувга ғарқ бўлиши ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса (уларни тарк қилгин) ҳамда у золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар.[5]