>

Алоуддин Мансур — 342

23:1 Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар.

23:2 Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир.

23:3 Улар беҳуда — фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир.

23:4 Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир.

23:5 Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир.

23:6 Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар.

23:7 Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир.

23:8 Улар (яъни, мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир.

23:9 Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир.

23:10 Ана ўшалар ворислардир.[1]

23:11 Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи (ворислардир). Улар ўша жойда мангу қолурлар.

23:12 (Қасамки), Биз инсонни (яъни, Одам алайҳиссаломни) лойнинг мағзидан яратдик.[2]

23:13 Сўнгра уни (яъни, барча инсонларни) аввало мустаҳкам қароргоҳдаги (яъни, бачадондаги) нутфа-маний қилдик.

23:14 Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув — нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, энг гўзал яратгувчи (яъни, йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли — буюкдир.[3]

23:15 Сўнгра шак-шубҳасиз, сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни, яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсизлар.

23:16 Сўнгра шак-шубҳасиз, сизлар Қиёмат Кунида қайта тирилурсизлар.

23:17 (Қасамки) Биз сизларнинг устингизда етти йўлни (яъни, етти қават осмонни) яратдик. Биз Ўз халқимиздан ғофил бўлмадик.[4]