>

Алоуддин Мансур — 340

22:65 Аллоҳ сизларга Ердаги нарсаларни ва денгизда Унинг амри билан сузиб кетаётган кемаларни бўйсундириб қўйганини, ҳамда Ўзи осмонни Ерга қулаб тушишдан тутиб туришини, магар (осмон) Унинг изни-иродаси билангина (қулаши мумкинлигини) кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.

22:66 У сизларга ҳаёт берган, сўнгра (ажалларингиз етганида) ўлим берадиган, сўнгра (Қиёмат қойим бўлганида яна) ҳаёт берадиган Зотдир. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир.

22:67 Биз барча миллатга қурбонлик қилиш (қонунини) буюрганмиз — улар ўша (қонунга) амал қилгувчидирлар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар сиз билан (қурбонлик) иши хусусида ҳаргиз талашмасинлар! Сиз (одамларни) Парвардигорингизга даъват қилинг! Албатта сиз Тўғри Йўл устидадирсиз.

22:68 Агар улар сиз билан мужодала қилсалар, у ҳолда айтинг: «Аллоҳ сизлар қилаётган (ёмон) ишларни жуда яхши билгувчидир».

22:69 Аллоҳ Қиёмат Кунида сизлар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ўртангизда ҳукм қилур.

22:70 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Аллоҳ осмон ва Ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (яъни, Лавҳул-махфузда ёзиб қўйилгандир). Албатта, бу Аллоҳга осондир.

22:71 Улар (яъни, Қурайш кофирлари) Аллоҳни қўйиб, У зот (илоҳ эканига) бирон ҳужжат туширмаган ва ўзлари ҳам билмаган нарсаларга ибодат қиларлар. Бу золимлар учун бирон ёрдамчи йўқдир.

22:72 Қачонки уларга Бизнинг очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсаларнинг юзларида инкор (аломатини) сезурсиз. Улар, ўзларига Бизнинг оятларимизни тиловат қилаётган зотларга чанг солишга яқин бўлурлар. (Сиз уларга) айтинг: «Энди мен сизларга бундан ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? (У) Аллоҳ кофир бўлган кимсаларга ваъда қилган дўзахдир. Нақадар ёмон оқибат у!»