>

Алоуддин Мансур — 34

2:216 Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан,) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.

2:217 Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжидул-Ҳаромдан (яъни, Маккадан) тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш. Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (алдаш) ўлдирищдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю Охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.

2:218 Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар — ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилгувчидир.

2:219 Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир». Ва Сиздан (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади.[42]