>

Алоуддин Мансур — 339

22:56 У кунда подшоҳлик (ёлғиз) Аллоҳникидир. У зотнинг Ўзи улар ўртасида ҳукм қилур. Бас, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар ноз-неъматларга (тўла) жаннатлардадирлар.

22:57 Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар — улар учун хор қилгувчи азоб бордир.

22:58 Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган, сўнгра қатл қилинган ёки вафот топган зотларни албатта Аллоҳ гўзал ризқ (яъни, мангу жаннат) билан ризқлантирур. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Ўзигина энг яхши ризқ бергувчидир.

22:59 Албатта (Аллоҳ) уларни Ўзлари рози бўладиган жойга — жаннатга дохил қилур. Дарҳақиқат, Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир.

22:60 (Иш) шудир. Ким ўзига берилган азоб-уқубат баробарида ўч олса, сўнгра яна унга зулм-зўравонлик қилинса, албатта Аллоҳ унга (мазлумга) ёрдам қилур. Дарҳақиқат, Аллоҳ афв қилгувчи, кечиргувчидир.

22:61 Бунга (яъни, Аллоҳ мазлумга ёрдам қила олишига) сабаб Аллоҳ кечани кундузга киритиши (яъни, кечани қисқартириб, кундузни узайтириши) ва (аскинча) кундузни эса кечага киритиши (яъни, у Ўзи хоҳлаган нарсага қодир экани) ва шак-шубҳасиз, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи эканлигидир.

22:62 Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк Зот эканлигидир.

22:63 Аллоҳ осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (бутун) ер кўм-кўк бўлишини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ меҳрибон ва огоҳ Зотдир.

22:64 Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Ўзигина беҳожат ва ҳамду сано Соҳибидир.