Алоуддин Мансур — 338
22:47 Улар сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган) нақд азобни талаб қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ Ўз ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмас. Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йилга баробардир.
22:48 Қанчадан-қанча золим-кофир бўлган ҳолларида Мен (ҳалок қилмай) муҳлат бериб қўйиб, сўнг (азобим билан) ушлаган қишлоқ-шаҳарлар бўлгандир. Ёлғиз Менгагина қайтиш(ингиз) бордир.
22:49 Айтинг: «Эй инсонлар, мен сизлар учун фақат бир очиқ огоҳлантиргувчиман, холос».
22:50 Бас, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ бўлур.
22:51 Бизнинг оятларимиз билан олишишга уринган кимсалар — улар дўзах эгаларидир.
22:52 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир элчи ва пайғамбар борки, қачон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (асли оятда бўлмаган нарсаларни) ташлагандир. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур, сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Эгасидир.
22:53 (Аллоҳ) шайтон ташлайдиган нарсани дилларида мараз бўлган (мунофиқлар), тош дил кимсалар (яъни, кофирлар) учун фитна-синов қилиш учун (пайдо қилур). Дарҳақиқат, золим-кофирлар мангу ихтилофдадирлар.
22:54 Ва илм ато этилган кишилар у (Қуръон) Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқат эканини билиб, унга иймон келтиришлари, бас, диллари у сабабли таскин топиши учун (Аллоҳ шундай қилур). Дарҳақиқат, Аллоҳ иймон келтирган зотларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгувчидир.[6]
22:55 Кофир бўлган кимсалар то уларга тўсатдан (Қиёмат) соати келгунича ёки туғмас (яъни, эртаси бўлмаган) Куннинг азоби келгунича (Қуръон)дан шак-шубҳададирлар.