>

Алоуддин Мансур — 337

22:39 Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир.[4]

22:40 Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни, динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз, Аллоҳ кучли, қудратлидир.[5]

22:41 Уларни (яъни, мусулмонларни) агар Биз Ер юзига ғолиб қилсак — улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир).

22:42 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар улар (яъни, Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, (билингки) улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар.

22:43 Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни),

22:44 Мадян (шаҳрининг) аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!

22:45 Зотан қанчадан-қанча золим-кофир бўлган ҳолларида Биз ҳалок қилган, бас, томлари (йиқилиб) ҳувиллаб қолган қишлоқ-шаҳарлар, (қанча) ташландиқ қудуқлар ва юксак (лекин кимсасиз) қасрлар бордир.

22:46 Ахир улар (яъни, Макка мушриклари) Ер юзида сайр қилиб-айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун доно диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўксларидаги кўнгиллар кўр бўлур.