Алоуддин Мансур — 336
22:31 Аллоҳ учун ҳақиқий (йўлдан оғмаган мусулмон) бўлган ва У зотга ширк келтиргувчи бўлмаган ҳолингизда. Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир.
22:32 (Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур.
22:33 Сизлар учун уларда (яъни, Байтуллоҳда қурбон қилиш учун олиб кетаётган қўй, мол, туяларингизда) маълум муддатгача фойда-манфаатлар бордир (яъни, йўлда уларни қўзилатиб, соғиб, миниб фойдаланиб кетишларингиз жоиздир). Сўнгра Эски Уйга (етгач) уларни сўйиш (вожибдир).
22:34 Биз (сизлардан аввалги мўмин миллатлардан ҳам) барча миллатга (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйинсунингиз! Итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг!
22:35 Улар Аллоҳни зикр қилинганида, диллари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган балоларга сабр-тоқат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган зотлардир.
22:36 (Байтуллоҳда қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун уларни (қурбон қилишда) яхшилик бордир. Бас, улар (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз. Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (яъни, жон таслим қилганларида), улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар. Шукр қилишларингиз учун Биз уларни (яъни, туя-молларни) сизларга бўйсундирдик.
22:37 Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун (яъни, қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Аллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга хушхабар беринг.
22:38 Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа — ҳимоя қилур. Албатта Аллоҳ барча хоин ва куфрони неъмат қилгувчиларни суймас.