Алоуддин Мансур — 335
22:24 Улар (бу дунёда) хуш-ҳақ сўзга (яъни, «Аллоҳ якка-ягонадир», деган сўзга) ҳидоят қилинурлар ва ҳамду-сано эгаси — Аллоҳнинг йўлига йўлланурлар.
22:25 Албатта ўзлари кофир бўлган ва (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан тўсадиган, ҳамда Биз (Маккада) тургувчилар учун ҳам, (бошқа юртлардан) келгувчилар учун ҳам баробар қилиб қўйган, Масжидул-Ҳаромдан (тўсадиган) кимсалар ва кимки у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса (буларнинг ҳар бирига) аламли азобдан тотдириб қўюрмиз.
22:26 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим — Уйимни тавоф қилгувчилар қиём (яъни, намозда тик — ғоз туриш), рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни, ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин![3]
22:27 Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни, сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар.
22:28 Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни, Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар.
22:29 Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни, зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!
22:30 (Иш) шудир. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинади. Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлингиз ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз!