>

Алоуддин Мансур — 334

22:16 Биз уни (яъни, Қуръонни) мана шундай аниқ-равшан оятлар(дан иборат) бўлган ҳолида нозил қилдик. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилур.

22:17 Дарҳақиқат, иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлган кимсалар, собийлар (фаришталарга сиғинувчилар), насронийлар, мажусийлар (оташпарастлар) ва мушрик бўлган кимсалар — аниқки Аллоҳ Қиёмат Кунида уларнинг ўртасини ажрим қилур (яъни, мўминларни жаннатга дохил қилур, кофирларни дўзахга гирифтор қилур). Албатта Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир.

22:18 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? Кўп (одамларга эса кофир бўлганлари сабабли) азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур.[2]

22:19 Мана шу икки ғаним (яъни, мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар (яъни, мўминлар Аллоҳнинг ҳақ дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса бу динни йўқ қилмоқчи бўлдилар). Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб;

22:20 У (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур.

22:21 Улар учун темир гурзилар бордир.

22:22 Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилур).

22:23 Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур;