Алоуддин Мансур — 333
22:6 Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир.
22:7 Яна аниқки, (Қиёмат) соати шак-шубҳасиз, келгувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур.
22:8 Одамлар орасида ўзи билмаган ва (Ҳақ йўлига) ҳидоят топмаган ҳолида, бирон нурли Китобсиз (яъни, аниқ ҳужжатсиз) Аллоҳ хусусида мужодала қиладиган кимсалар ҳам бордир.
22:9 (Тўғри Йўлдан) бўйин буриб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан оздириш учун. У (кимсалар) учун бу дунёда расволик-шармандалик бўлур, Қиёмат Кунида эса унга ўт азобини тотдирурмиз.
22:10 (Ва унга дермиз): «Бу (азоб) ўз қўлларинг (билан) қилган гуноҳинг сабаблидир. Зеро, Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир».
22:11 Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни, сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунё-ю Охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир.
22:12 У Аллоҳни қўйиб ўзига зиён ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган бутларга илтижо қилур. Бу — йўлдан қаттиқ озишнинг ўзидир.
22:13 У шак-шубҳасиз, зиёни фойдасидан яқинроқ бўлган бутларга илтижо қилур. (Лекин у бутлар) нақадар ёмон «хожа»дир ва нақадар ёмон «ошно»дир!
22:14 Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Албатта Аллоҳ ёлғиз Ўзи хоҳлаган ишни қилур.
22:15 (Албатта Аллоҳ Ўз пайғамбарига ёрдам берур, энди) кимда-ким: «Аллоҳ ҳаргиз унга ёрдам қилмас», деб гумон қилгувчи бўлса, у ҳолда бир арқон билан осмонга-шифтга осилиб, (ўзини ердан) узсин (яъни, ўзи учун дор ясаб, унга осилсин), сўнг қарасин — бу найранги ғазабини кетказармикан.[1]