Алоуддин Мансур — 330
21:91 Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни, Марямни эсланг). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча оламлар учун оят-ибрат қилдик.
21:92 (Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни, Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!
21:93 (Одамлар) эса ишларини (яъни, динларини) ўзаро парчалаб-бўлиб олдилар. Барчалари Бизга қайтгувчидирлар.
21:94 Бас, ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, унинг саъй-ҳаракати зое бўлмас — Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз.
21:95 Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳли қайта дунёга келиши) ҳаромдир. Улар қайтмайдилар.
21:96 То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган вақтгача.
21:97 Ва Ҳақ ваъда (яъни, Қиёмат) яқин бўладиган вақтгача (улар яъни, Биз ҳалок қилган кимсалар қайтмайдилар). Ана у вақтда эса кофир бўлган кимсаларнинг кўзлари қотиб: «Эй, ҳолимизга вой, бизлар бундай (оқибатдан) ғафлатда эдик. Йўқ, бизлар (ўз жонларимизга) жабр қилгувчи бўлдик», (дейдилар).
21:98 (Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар.
21:99 Агар (сизлар сиғинадиган бутларингиз) худолар бўлганида (жаҳаннамга) тушмаган бўлур эдилар. (Бу бутлар ва уларга сиғинадиганларнинг) барчалари у жойда абадий қолгувчидирлар.
21:100 Улар учун у жойда (фақат) дод-фарёд қилишгина бордир. Улар у жойда (бирон нарсани) эшитмаслар.
21:101 Албатта, Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар — ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар.