>

Алоуддин Мансур — 33

2:211 Бани Исроилдан сўранг (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга қанчалаб очиқ мўъжизалар бердик экан! Ким Аллоҳнинг неъмати келганидан сўнг, уни ўзгартирар экан, бас, албатта Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир.

2:212 Куфр йўлини тутган кимсалар учун бу ҳаёти дунё зийнатлаб қўйилди. Улар иймон эгаларининг устларидан куладилар. Ҳолбуки, Қиёмат Кунида тақводор зотлар улардан баланддир. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради.

2:213 Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди. Ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб ҳақ китобни (Таврот, Инжилни) нозил қилди. Энди очиқ оятлар келганидан кейин, фақат шу китоб берилган кимсалар ҳадларидан ошиб, талашиб-тортишдилар. Сўнгра Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни улар (китоб берилган кимсалар) ихтилоф қилган ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилади.

2:214 Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли-ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир».

2:215 Сиздан (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз. Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни билгувчидир».