Алоуддин Мансур — 329
21:82 Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон учун) ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи бўлдик.
21:83 Айюб — ўз Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг).
21:84 Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича бола-чақа ато этдик.[6]
21:85 Исмоилни, Идрисни ва Зул-кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилгувчи зотлардандирлар.
21:86 Биз уларни Ўз раҳмат-жаннатимизга дохил қилдик. Дарҳақиқат, улар солиҳ зотлардандирлар.
21:87 Зуннун — Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг).
21:88 Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.
21:89 Закариёнинг: «Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма (яъни, менга Ўз даргоҳингдан бир меросхўр фарзанд ато эт), Ўзинг ворисларнинг яхшироғидирсан (яъни, ҳамманинг ортида қолгувчидирсан)», деб нидо қилган пайтини (эсланг).
21:90 Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар.