Алоуддин Мансур — 328
21:73 Яна уларни Бизнинг амримиз билан (кишиларни Ҳақ йўлга) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни (мустаҳиқ кишиларга) ато этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизгагина ибодат қилгувчи бўлдилар.
21:74 Лутга эса ҳикмат ва илм ато этдик ва уни нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан қутқардик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар.
21:75 Ва уни Ўз раҳмат-жаннатимизга дохил қилдик. Шак-шубҳасиз, у солиҳлардандир.
21:76 Нуҳни (эсланг): Ўшанда — (мазкур пайғамбарларнинг давридан) илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳли-тобеъларини улуғ ғамдан қутқардик.
21:77 Ва унга Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавмдан мадад-нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик.
21:78 Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг). Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик.
21:79 Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат-пайғамбарлик ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олгувчидирмиз.[5]
21:80 Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут илмини таълим бердик. Бас, сизлар шукр қилурмисиз?!
21:81 Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган қилиб қўйдик. Биз барча нарсани билгувчидирмиз.