>

Алоуддин Мансур — 327

21:58 Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, «шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар (ва бу айбни унга тўнкасалар», деб) ўшанигина (қолдирди ва унинг бўйнига бир болтани илиб қўйди).

21:59 Улар (қайтиб келганларидан сўнг): «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир», дедилар.

21:60 Улар(нинг айримлари) айтишди: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик».

21:61 (Шунда уларнинг катталари): «Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар», дейишди.

21:62 (Уни келтиришгач): «Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?» деб (сўрашди).

21:63 (Иброҳим) айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу «ҳайкал» қилди. Бас, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар (айтиб берсинлар)».

21:64 Бас, (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): «Сизлар ўзингиз золимларсиз», дедилар.

21:65 Сўнгра эса яна бошлари айланиб: «Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!», дейишди.

21:66 (Иброҳим) айтди: «Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?!

21:67 Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф-е! Ахир ақл юргизмайсизларми?!»

21:68 (Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар».[3]

21:69 Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!»[4]

21:70 Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни, уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик.

21:71 Ва унга ҳамда Лутга нажот бериб, (уларни) Биз барча оламлар учун муборак қилган (Шом) заминига (юбордик).

21:72 Биз (Иброҳимга Биздан бир фарзанд сўраганида) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик.