>

Алоуддин Мансур — 325

21:36 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон кофир бўлган кимсалар сизни кўрсалар, фақат (бир-бирларига сизни кўрсатишиб): «Сизларнинг илоҳларингизни айблайдиган кимса мана шуми?», (дейишиб) масхара қиладилар, холос. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Парвардигорнинг эслатмаси Қуръондан юз ўгирувчилардир.

21:37 (Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир. Яқинда Мен сизларга Ўз оят-аломатларимни кўргазурман (яъни, Менга осий бўлган кимсаларни қандай азоблашимни кўрурсизлар). Бас, Мени шоштирмангиз.

21:38 Улар (яъни, динсиз кимсалар): «Агар ростгўй бўлсангиз (айтинглар-чи) мана шу ваъда қачон бўлади?», дерлар.

21:39 Агар кофир бўлган кимсалар на олдиларидан ва на ортларидан (дўзах) ўтини тўса олмай қоладиган, уларга ёрдам берилмайдиган вақтни (Қиёмат Кунидаги даҳшатларни) билсалар эди, (бу сўзларни айтмаган бўлур эдилар).

21:40 Йўқ, (Қиёмат) тўсатдан келиб, уларни ҳайрону хаста қилиб қўюр, бас, уни қайтаришга ҳам кучлари етмас, уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмас.

21:41 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), аниқки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам масхара қилинган. Бас, уларнинг устидан кулган кимсаларга ўзлари (ишонмай) масхара қилган нарсалари (Аллоҳнинг азоби) тушгандир.

21:42 Айтинг: «Кечаси-ю кундузи сизларни Раҳмон (азобидан) ким сақлай олур?!» Йўқ, улар Парвардигорни эслашдан юз ўгиргувчилардир.

21:43 Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «худолари» бормикан?! У («худолар») ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар ва улар Бизнинг томонимиздан ҳимоя ҳам қилинмаслар.

21:44 Йўқ, Биз уларни (кофирларни) ва ота-боболарини (дунё матоларидан шундай) фойдалантирдикки, ҳатто уларга умр-ҳаёт узун-абадий (кўриниб, бир кун келиб бу ҳаёт тугашига ишонмай қўйдилар ва Аллоҳнинг азобини ҳам инкор қилдилар). Ахир улар Биз Ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора кўпроқ кишилар Ислом кириб, куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмайдиларми?! Ўшалар ғолиб бўлурларми?! (Йўқ, улар мағлубдирлар, Аллоҳнинг динига иймон келтирган зотлар ғолибдирлар).