>

Алоуддин Мансур — 324

21:25 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз.

21:26 Улар (яъни, мушриклар): «Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор», дедилар. У зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо покдир. Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир.

21:27 (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни, Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар). Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар.

21:28 У зот уларнинг олдиларидаги (қиладиган) ва орқаларидаги (қилиб ўтган) барча иш-амалларини билур. Улар (Қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар — оқлай олурлар. Уларнинг (ўзлари Аллоҳдан) қўрқиб хавфу хатарда турурлар.

21:29 Улардан бирон кимса: «Мен ҳам (Аллоҳдан) ўзга бур илоҳман», деса, бас, Биз ўшани жаҳаннам билан жазолармиз. Биз барча золим-мушрикларни ҳам ана шундай жазолаймиз.

21:30 Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, Ер ҳам (аввалда) тўсиқ (яъни, осмонлардан ёғин ёғмас, Ердан эса бирон гиёҳ унмас) бўлганини, бас, Биз уларни очиб юборганимизни (яъни, осмондан ёғин ёғдириб, Ердан гиёҳ ундирганимизни) ва барча жонли мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам иймон келтирмайдиларми?!

21:31 Биз Ер (одамларни) тебратмасин учун унда тоғларни (пайдо) қилдик ва адашмасликлари учун унда кенг дара-йўллар қилдик.

21:32 Биз осмонни қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик. Улар (мушриклар) эса (осмондаги ой, қуёш, юлдуз каби Аллоҳнинг қудратини кўрсатиб турган) аломатлардан юз ўгирувчидирлар.

21:33 (Аллоҳ) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зотдир. (Буларнинг) барчаси ўз фалак-фазосида сузурлар!

21:34 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу қолмаслар).

21:35 Ҳар жон ўлимни тотиб кўргувчидир. Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар.