>

Алоуддин Мансур — 323

21:11 Қанча золим-кофир бўлган қишлоқ-шаҳарларнинг (аҳлини) ҳалок қилдик ва уларнинг ортидан (бутунлай) бошқа қавм-авлодни вужудга келтирдик.

21:12 Бас, қачонки улар (яъни, ҳалок қилинган кимсалар ҳалокатлари олдида) Бизнинг азобимиз (тушишини) сезиб қолишгач, баногоҳ у жойдан қочиб қолурлар.

21:13 (Шу пайт фаришталар): «Қочманглар, маишатга ботган жойларингизга, ўз масканларингизга қайтинглар, эҳтимол жавоб берарсизлар», (деганларида)

21:14 (Улар бир-бирларига): «Эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўзимизга) золим бўлдик», дедилар.

21:15 Бас, то Биз уларни (ўт-ўлан каби) ўрилган, (ўтин каби) ўчган ҳолга солгунимизча уларнинг ана ўша дод-войлари давом этди.

21:16 Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. (Балки Ўз қудратимизни намойиш қилиш учун ва бандаларимиз фойдаланишлари учун яратдик.)

21:17 Агар Биз вақтичоғлик қилишни (яъни, хотин, бола-чақа орттиришни) истасак, агар (шундай) қилгувчи бўлган чоғимизда ҳам уни (яъни, хотин, бола-чақани) Ўз даргоҳимиздан (яъни, малоикалардан ёки жаннат ҳурларидан) қилган бўлур эдик.

21:18 Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан покдирмиз), Биз Ҳақ Қуръонни ботил-жаҳолатнинг устига отурмиз, бас (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлур. Сизлар учун эса (мушриклар, Аллоҳни «хотин, боласи бор», деб нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли ҳалокат бўлур.

21:19 Осмонлар ва Ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни, фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар.

21:20 Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар.

21:21 Ёки улар (яъни, мушриклар) Ернинг ўзидан (яъни, тош, ёғочлардан), (ўликларни) тирилтира оладиган «худоларни» топиб олдиларми?!

21:22 Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар булганида, ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир.

21:23 У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар.

21:24 Ёки Уни қўйиб (бошқа) «худоларни» топиб олдиларми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: («Эй мушриклар, мана шу ширкларингиз ҳақ эканлигига) ҳужжат-далилларингизни кўрсатингиз! Мана мен билан бирга бўлган (мўминларнинг) эслатмаси (яъни, Қуръон) ва мендан аввалгиларнинг эслатмалари (яъни, Таврот, Инжил, мана шу китобларнинг қайси бирида Аллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд эканлигига ҳужжат-далил бор?!)» Йўқ, уларнинг аксарияти ҳақиқатни билмай туриб, (ундан) юз ўгирувчилардир.