>

Алоуддин Мансур — 322

21:1 Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни, Қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчидирлар.

21:2 Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма — оят келар экан, албатта уни ўйнаган ҳолларида (масхара қилиб), тингладилар.

21:3 Диллари ғофил бўлган ҳолларида (тингладилар) ва золим-кофир кимсалар: «Бу (яъни, Муҳаммад) ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-ку! Кўриб турган ҳолингизда сеҳр-жодуга (алданиш учун) келаверасизларми?!», (деб) ўзаро шивирлашдилар.

21:4 (Шунда Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтди: «Парвардигорим осмону-заминдаги ҳар бир сўзни билур. У эшитгувчи, билгувчидир».

21:5 «Балки — дедилар улар — (Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар) — алоқ-чалоқ тушлардир, балки (бу сўзларни) у ўзи тўқиб олгандир, балки у бир шоирдир. Бас, у ҳам илгари юборилган пайғамбарлар (келтирганлари) каби бирон оят-мўъжиза келтирсин!»

21:6 Улардан олдин, Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳолиси) иймон келтирган эмас, бас, улар иймон келтирармидилар?!

21:7 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари ҳам фақат кишиларни (яъни, инсонларни) Ўзимиз ваҳий юборган ҳолда пайғамбар қилгандирмиз. Бас, (эй Макка аҳли), агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар (Таврот, Инжилни биладиган) аҳли илмлардан сўранглар!

21:8 Биз у (пайғамбар)ларни таом емайдиган бир жасад қилган эмасмиз ва улар мангу ҳаёт кечиргувчи ҳам эмас эдилар.

21:9 Сўнгра Биз (берган) ваъдамизга вафо қилиб, у (пайғамбар)ларга Ўзимиз хоҳлаган (иймонли) кишилар билан бирга нажот берганмиз, ҳаддан ошувчи кимсаларни — кофирларни эса ҳалок қилганмиз.

21:10 Дарҳақиқат, Биз сизларга бир Китоб — Қуръон нозил қилдикки, унда сизлар учун зикр (яъни, шаъну шараф) бордир. (Чунки у сизларнинг тилингизда нозил қилинди). Ақл юргизмайсизларми?!