Алоуддин Мансур — 321
20:126 (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан».
20:127 Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз, қаттиқроқ ва давомлироқдир.
20:128 Биз улардан илгари ҳам уларнинг масканларида (яшаб) юрган қанча авлодларни (куфрлари сабабли) ҳалок қилганимиз уларга маълум эмасми?! Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.
20:129 Агар Парвардигорингиз томонидан (барча яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари Қиёматда бўлиши хусусида) Сўз ва белгиланган муддат бўлмаганида эди, албатта (улар дарҳол азобга гирифтор бўлишлари) лозим эди.
20:130 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни покланг — намоз ўқинг! Кеча(нинг аввалги ва охирги) вақтларида ҳамда кундуз(нинг аввалги ва охирги тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг — намоз ўқинг, шояд хурсанд бўлурсиз.
20:131 Сиз кўзларингизни Биз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган — ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир.
20:132 Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Оқибат-жаннат — (аҳли) тақвоникидир.
20:133 (Мушриклар: «Муҳаммад) Парвардигори томонидан бизларга бирон оят-мўъжиза келтирса эди», дедилар. Ахир уларга илгариги саҳифалардаги (яъни, аввалги илоҳий китоблардаги) нарсаларнинг баёни (яъни, Қуръон) келмадими?!
20:134 Агар Биз уларни (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом келишидан ва Қуръон нозил бўлишидан) илгари бирон азоб билан ҳалок қилганимизда, улар албатта: «Парвардигоро, бизларга бирон пайғамбар юборганингда эди, бизлар хор-зор ва шарманда бўлмай, Сенинг оятларингга эргашар — итоат этар эдик», деган бўлур эдилар.
20:135 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Барча(миз) кутгувчидир(миз). (Яъни, сизлар ҳам, бизлар ҳам охир-оқибатда ким ҳақ, ким ноҳақ бўлиб чиқишини кутмоқдамиз). Бас, кутаверинглар! Яқинда ким Тўғри Йўл эгалари ва кимлар ҳидоят топган кишилар эканини билурсизлар».