Алоуддин Мансур — 32
2:203 Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз! Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз, Унинг ҳузурида тўпланажаксиз.[39]
2:204 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (Исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради.
2:205 (Олдингиздан) кетганида эса Ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди.
2:206 Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а![40]
2:207 Одамлар орасида Аллоҳ ризолиги йўлида ўз жонини берадиган зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига ғамхўр — меҳрибондир.
2:208 Эй мўминлар, Исломга тўлиғича кирингиз! (Яъни, Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларга очиқ душмандир.
2:209 Агар сизларга очиқ ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингизки, албатта Аллоҳ қудратли, ҳикматли Зотдир.
2:210 Улар (Ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келишини ва иш тамом бўлишини (яъни, улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинишларини) кутяптиларми? Ваҳоланки, барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак.[41]