>

Алоуддин Мансур — 319

20:99 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга ўтиб кетган (авлодларнинг) хабарларини мана шундай сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат, Биз сизга Ўз даргоҳимиздан эслатма — Қуръон ато этдик.

20:100 Ким ундан юз ўгирса, бас, албатта у Қиёмат Кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини кўтариб турар.

20:101 Улар у юк остида абадий қолурлар. У (юк) Қиёмат Кунида улар учун жуда оғир юк бўлур.

20:102 У сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни, нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз.

20:103 Улар ўзаро шивирлашиб: «(Дунёда) ўн кунгина турдинглар», (дейдилар).

20:104 Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўшанда уларнинг энг намунали йўлни тутган — донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейди(лар).

20:105 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар сиздан тоғлар (Қиёмат Кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур.

20:106 Сўнг (ерни) теп-текис қилиб қўюрки,

20:107 Унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз».

20:108 У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас, фақат пичирлашнигина эшитурсиз.

20:109 У кунда шафоат — қўллов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур).

20:110 У зот уларнинг олдиларидаги (яъни, Охиратдаги) ва ортларидаги (яъни, дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар.

20:111 Юзлар ҳам Тирик ва абадий Тургувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир.

20:112 Ким мўмин бўлган ҳолда яхши амаллар қилса, бас, у зулмдан ҳам (яъни, унга зулм қилиниб, ўзи қилмаган гуноҳларга масъул бўлишдан ҳам), камайишдан ҳам (яъни, қилган яхши амалларининг савоб-мукофоти тўла берилмай қолишидан ҳам) хавф қилмас.

20:113 Шунингдек, Биз уни арабий Қуръон қилиб туширдик ва унда қўрқинчли ваъдаларни (такрор-такрор) баён қилдик. Шояд улар (ширк ва куфрдан) сақлансалар ё (бу ваъдалар) улар учун эслатма-ибратлар пайдо қилса!