Алоуддин Мансур — 317
20:77 Дарҳақиқат, Биз Мусога: «Сен бандаларимни (яъни, Бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил — (ортларингдан Фиръавн) етиб олишидан хавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма», деб ваҳий юборганмиз.
20:78 Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча-ўраб, барчалари (унга ғарқ бўлдилар).
20:79 Фиръавн қавмини Тўғри Йўлга бошламади, (балки) Тўғри Йўлдан оздирди.
20:80 Эй Бани Исроил, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (яъни, Мусога) Таврот нозил қилиш учун Тур (тоғининг) ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик, беданалар ёғдириб, (дедик):
20:81 «Сизларни баҳраманд қилган пок ризқларимиздан енглар ва уларга (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ ҳалок бўлур.
20:82 Ва мен тавба қилган, ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра Тўғри Йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман».
20:83 (Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди): «Қавмингдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо!»
20:84 У айтди: «Улар ана — изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!»
20:85 (Аллоҳ) деди: «Ҳақиқатан, Биз сенинг ортингдан қавмингни фитнага солдик — имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди».
20:86 Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб, деди: «Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга (Таврот нозил этиш ҳақида) чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдани буздингларми?![5]
20:87 Улар айтдилар: «Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ. Лекин бизлар (Мисрдан чиқиб келаётганимизда Фиръавн) қавмининг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас (Сомирийнинг амри билан) уларни (оловга) ташладик. Сўнг Сомирий ҳам (ўзи кўтариб чиққан нарсаларни оловга) ташлади.