Алоуддин Мансур — 316
20:65 (Маслаҳатлари битгач), дедилар: «Эй Мусо, сен (қўлингдаги асоингни аввал) ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?»
20:66 (Мусо) айтди: «Йўқ, сизлар ташланглар». (Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди.
20:67 Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди.
20:68 Биз айтдик: «Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан.
20:69 Қўлингдаги нарсани (яъни, асоингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи, холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас».
20:70 (Мусо асосини ташлагач, сеҳргарларнинг бор ясаган нарсаларини ютиб юборди). Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (ерга) ташланиб: «Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар.
20:71 (Фиръавн) айтди: «Унга мен изн бермай туриб иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (яъни, ўнг қўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман, (ана ўшанда) қайсимизнинг (яъни, менингми ё Мусонинг худоси) азоби қаттиқроқ ва узунроқ эканини билиб олурсизлар».
20:72 Улар дедилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган аниқ ҳужжат-мўъжизани ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан.
20:73 Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағрифат қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) узунроқдир».
20:74 Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур.
20:75 Ким у зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар) учун юксак даражалар.
20:76 Остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар бўлур. Бу (ширку-куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!