Алоуддин Мансур — 315
20:52 (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда — Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас».
20:53 У зот Ерни сизлар учун бешик — қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) ёрдамида турли наботот навларини ундириб чиқардик.
20:54 Сизлар (улардан) енглар, чорваларингни боқинглар. Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.
20:55 Биз сизларни (Ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (Қиёмат Кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз.
20:56 Дарҳақиқат, Биз унга (яъни, Фиръавнга) бор оят-мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, у (уларни) ёлғон деб, юз ўгирди.
20:57 У деди: «Сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариш учун келдингми, эй Мусо!
20:58 У ҳолда бизлар ҳам сенга худди ўшандай сеҳр келтирурмиз. Бас, сен ўзинг билан бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ танлагинки, у сен ҳам, бизлар ҳам қаршилик қилмайдиган ўрта бир жой бўлсин».
20:59 (Мусо) айтди: «Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар».
20:60 Бас, Фиръавн бориб, ўзининг макр-найрангини (яъни, сеҳргарларини) йиғди. Сўнгра (ваъда қилинган жойга) келди.
20:61 Мусо уларга (яъни, сеҳргарларга) деди: «Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар (яъни, очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур! Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир».
20:62 Бас, улар (қиладиган) ишларини талашиб-тортишиб аста шивирлаша бошладилар.
20:63 (Сўнг бир-бирларига) айтдилар: «Албатта бу иккови (яъни, Мусо ва Ҳорун) ўз сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқармоқни ва юксак йўлингизни (яъни, динингизни) йўқотмоқни истайдиган сеҳргарлардир.
20:64 Бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун устун бўлган кишилар нажот топурлар».