Алоуддин Мансур — 313
20:13 Мен сени (пайғамбарликка) танладим. Бас (ўзингга) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут!
20:14 Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!
20:15 Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (Қиёмат) соати албатта келгувчидир. (Лекин) Мен (Қиёмат қачон қойим бўлишини) яширишни истайман.
20:16 Бас, сени (Қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавои нафсига эргашган кимсалар ундан тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўлурсан.
20:17 Ана у — қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!»
20:18 (Мусо) деди: «У асоим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор».
20:19 (Аллоҳ) айтди: «Уни (ерга) ташлагин, эй Мусо!»
20:20 Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ у юрадиган — жонли илон бўлиб қолди.
20:21 (Аллоҳ) деди: «Уни ушла! Қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз.
20:22 Қўлингни қанотинг — қўлтиғингга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-нурли бўлиб чиқур. (Бу) иккинчи мўъжиза (бўлур).
20:23 Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик).
20:24 (Энди) сен Фиръавннинг оддига боргин! Дарҳақиқат, у ҳаддидан ошди (яъни, одамларга зулм қилиб ҳатто «худоман», деб даъво қилди)».
20:25 (Мусо) деди: «Парвардигорим, қалбимни кенг қилгин;
20:26 Ишимни осон қилгин;
20:27 Тилимдан туғунни-дудуқликни ечиб юборгин;
20:28 (Токи) улар (қавмим) сўзимни англасинлар.
20:29 Менга ўз аҳлим-уруғимдан вазир қилгин.
20:30 Ҳорун оғамни.
20:31 У билан белимни маҳкам қилгин.
20:32 Ва уни ишимда (яъни, пайғамбарлик ишида) шерик қилгин.
20:33 Токи биз Сени кўпроқ поклаб-ибодат қилайлик;
20:34 Ва Сени кўпроқ зикр қилиб — эслайлик.
20:35 Албатта Сен бизни кўрувчи бўлган Зотсан».
20:36 (Аллоҳ) айтди: «Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо!
20:37 Биз сенга (гўдаклик чоғингда ҳам) яна бир карра инъом-марҳамат қилган эдик.