Алоуддин Мансур — 312
19:96 Албатта, иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур.
19:97 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик.
19:98 Биз улардан (яъни, Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига итоат этмаган) авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам ҳалок бўлиб битар, аммо Биз сизга нозил қилган дин эса Қиёматгача қолур).
20:1 То, Ҳа.
20:2 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас,
20:3 Балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик.
20:4 (У) Ерни ва юксак осмонларни яратган зот томонидан нозил қилингандир.
20:5 (У зот Ўз Зоти ва Улуғлигига муносиб равишда) Арш узра олий бўлган Раҳмондир.
20:6 Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Унингдир.
20:7 Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам, (ва ёки) хуфёна гапирсангиз ҳам, У зотга баробардир. Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур.
20:8 Аллоҳдан ўзга (ҳеч қандай) Аллоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир.
20:9 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга Мусо ҳақида хабар келдими?
20:10 Эсланг, у (узоқдан) бир оловни кўриб аҳли оиласига: «(Шу ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бирон чўғ олиб келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам», деди.
20:11 Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач: «Эй Мусо», деган нидо эшитилди.[1]
20:12 «(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингдирман. Энди кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан.