>

Алоуддин Мансур — 311

19:77 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки, албатта (Охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсани кўрдингизми?

19:78 У ғойибдан хабардор бўлдимикин ёки Раҳмон даргоҳидан аҳду паймон олдимикин?!

19:79 Йўқ! Албатта, Биз унинг айтаётган сўзини ёзиб қўюрмиз ҳамда унинг учун азобни зиёда қилурмиз.

19:80 У айтаётган (мол-дунёга) Биз меросхўр бўлурмиз ва у ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келур.

19:81 Улар (яъни, Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар — бутларга сиғиндилар.

19:82 Йўқ! (Қиёмат Кунида бутлари уларни шафоат қилмайди, балки) улар қилган ибодатларни инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар.

19:83 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз кофирларга уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?

19:84 Бас, сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз, Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз.

19:85 Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган,

19:86 Ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдайдиганимиз кунни (эсланг)!

19:87 (У кунда) фақат Раҳмон наздида аҳду-паймон олган, (Аллоҳни бир билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар.

19:88 (Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар.

19:89 (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки,

19:90 Унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур.[9]

19:91 Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлигидан).

19:92 Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни, У зот болага муҳтож эмас).

19:93 Осмонлар ва Ердаги бор жонзот (Қиёмат Кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур.

19:94 У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир.

19:95 Уларнинг барчаси Қиёмат Кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келгувчидир.