>

Алоуддин Мансур — 31

2:197 Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни, Шаввол, Зул-қаъда ва Зул-ҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни, ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!

2:198 (Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингиздан сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арафотдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин Машъар-ул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг! У Зот сизларни — гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да — Ҳақ йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам У Зотни эсланг — зикр қилинг!»[38]

2:199 Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.

2:200 Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг! Зотан, одамлар орасида шундай кимсалар борки, «Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин», дейди. Ҳолбуки, унинг учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ.

2:201 Ва уларнинг орасида шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, Охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар.

2:202 Ана ўша зотлар учун қилган ибодатлари (ҳаж, дуолари) шарофатидан насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.