Алоуддин Мансур — 309
19:52 Биз унга Тур (тоғининг) томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.[5]
19:53 Биз унга Ўз фазлу-марҳаматимиз билан пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик.
19:54 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Исмоил (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у ваъдаси рост элчи-пайғамбар эди.
19:55 У ўз аҳли-умматини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди.
19:56 Яна ушбу Китобда Идрис (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳаҳиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.
19:57 Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик.
19:58 Ана ўша Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни, уларнинг фарзандларидан бўлган Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлган пайғамбарлардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар.[6]
19:59 Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар.
19:60 Магар иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас.
19:61 Улар Раҳмон ғойибда (яъни, бандалар кўзига кўринмай) турган ҳолида Ўз бандаларига ваъда қилган мангу (яшаладиган) жаннатларга (кирурлар). Албатта, У зотнинг ваъдаси амалга ошгусидир.
19:62 У жойда улар бирон беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан) салом (эшитурлар, холос). У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир.
19:63 Ушбу жаннат – Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир.
19:64 «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), биз ёлғиз Пардигорингизнинг амри фармони билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (Охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва Охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Унингдир. Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир.[7]