>

Алоуддин Мансур — 308

19:39 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни (яъни, Макка мушрикларини) барча иш битирилиб, (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан — Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар.

19:40 Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу Ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз (яъни, барча жонзот ўтар, ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар.

19:41 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Иброҳим (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.

19:42 Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қилурсан?

19:43 Эй ота, дарҳақиқат, сенга келмаган илм-маърифат менга келди. Бас, сен менга эргашгин, сени ҳақ йўлга ҳидоят қилурман.

19:44 Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин. Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир.

19:45 Эй ота, ҳақиқатан мен сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида.

19:46 (Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта, сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени бутунлай тарк эт!»

19:47 (Иброҳим) деди: «Омон бўл. Энди Парвардигоримдан сени мағрифат қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга меҳрибон бўлган Зотдир.

19:48 Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланурман ва (ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман. Парвардигоримга илтижо қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман».

19:49 Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик.

19:50 Шунингдек, уларга Ўз фазлу-марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак мақтовларни (барқарор) қилдик.

19:51 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Мусо (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди.