Алоуддин Мансур — 307
19:26 Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин.
19:27 Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку!
19:28 Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар.
19:29 Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни, унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!»
19:30 (Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди.
19:31 Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди.
19:32 Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади.
19:33 Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур».
19:34 Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (яъни, унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир.[4]
19:35 Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас — У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса, фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур.
19:36 (Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу ҳақ йўлдир».
19:37 Сўнг (яҳудий ва насроний) фирқалар (Ийсо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ Кун — Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай.
19:38 Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолурлар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар.