>

Алоуддин Мансур — 306

19:12 (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик.

19:13 Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳр ва поклик (ато этдик). У тақволи бўлди.

19:14 У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди.

19:15 Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (Қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлур (яъни, у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва Қиёмат Кунида дўзахга тушиш хавфидан холидир).

19:16 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда (яъни, Қуръонда) Марямни зикр қилинг: у ўз аҳли-оиласидан четга — кун чиқар томонга борди.

19:17 Ва улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз — (яъни, Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди.

19:18 (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни, Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин)», деди.

19:19 (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».

19:20 (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!»

19:21 (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир.

19:22 Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди.

19:23 Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».[3]

19:24 Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди.

19:25 (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар.