Алоуддин Мансур — 305
19:1 Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод.[1]
19:2 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, ушбу) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир.
19:3 Эсланг, Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, (деган эди:)
19:4 (Закариё) деган эди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим — сочим оқарди. Парвардигорим, мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман.
19:5 Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен (менга) ўз даргоҳингдан менга бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин
19:6 Менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган (бир дўст яъни, фарзанд ҳадя этгин) ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин».
19:7 (Аллоҳ айтди): «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз».
19:8 (Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?»
19:9 (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)!»
19:10 «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди у (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан».
19:11 Бас, (Закариё) меҳробдан қавмининг олдига чиқиб, уларга эрта-ю кеч (Аллоҳни) поклаб — ибодат этишни ишора қилди.[2]