Алоуддин Мансур — 302
18:75 У (Хизир) деди: «Мен сенга, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!»
18:76 (Мусо) деди: «Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. Чунки (у ҳолда) мен томонимдан узрга етган бўлурсан (яъни, у ҳолда мени ташлаб кетганинг учун сени айблай олмасман)».
18:77 Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб улардан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизир) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: «Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди».
18:78 У (Хизир) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман.
18:79 Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-торож қилиб, тортиб олгувчи бир подшоҳ бор эди.
18:80 Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик.
18:81 Шу сабабдан, уларга Парвардигор (бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик.
18:82 Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг биронтасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир».[7]
18:83 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), яна сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман».