Алоуддин Мансур — 301
18:62 Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: «Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан бу сафаримиздан жуда чарчадик», деган эди.
18:63 У (хизматкор) айтди: «Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни (унга жон кириб саватдан тушиб кетганини) унутибман. (Бу воқеани сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга ажойиб (сездирмаган йўсинда) йўл олган эди».
18:64 (Мусо) деди: «Мана шу биз истаган нарсадир». Сўнг уни (Хизирни) излаб ортларига қайтдилар.
18:65 Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни, пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик.
18:66 Мусо унга: «Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам Тўғри Йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?», деди.
18:67 У (Хизир) айтди: «Аниқки, сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас.
18:68 (Зотан) ўзинг эгаллаб олмаган — хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!»
18:69 (Мусо) деди: «Иншоаллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрурсан. Мен бирон ишда сенга осийлик итоатсизлик қилмасман».
18:70 У (Хизир) айтди: «Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрамагин!»
18:71 Бас, икков йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан (Хизир кемани) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: «Уни одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми?!»
18:72 У (Хизир) деди: «Аниқки, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!»
18:73 (Мусо) айтди: «Унутганим сабабли мени айбламагин ва бу ишим учун мени машаққатга дучор қилмагин».
18:74 Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида (Хизир) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: «Бировни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а. Дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!»