>

Алоуддин Мансур — 30

2:191 Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жой (яъни, Макка)дан уларни ҳам қувиб чиқарингиз! (Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан ёмонроқдир. Ўзлари уруш бошлагунча улар билан Масжидул-Ҳаром олдида урушмангиз! Бас, агар ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар! Кофирларнинг жазоси шундай бўлади.

2:192 Энди агар тўхтасалар (куфрдан кечиб, Исломга кирсалар), бас, албатта Аллоҳ кечиргувчи раҳмлидир.

2:193 То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Энди агар тўхтасалар, у ҳолда сизлар ҳам тўхтангиз! Зеро, фақат золимларга қарши душманлик қилиш мумкин.

2:194 Уруш ҳаром қилинган ой уруш ҳаром қилинган ой муқобилида бўлади. Ҳурматлар (бузилса, риоя қилинмаса) қасос (олинади). Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир.[35]

2:195 Аллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади.[36]

2:196 Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг! Агар (касаллик ёки йўлтусарлар сабабли) йўлингиз тўсилиб қолса, муяссар бўлган бирор қурбонлик юборинг ва қурбонлик ўз жойига етиб бормагунча сочларингизни қирдирманг! Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса (шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин! Қачонки (йўлтўсарлар ёки бошқа ҳар қандай монеъдан) хотиржам бўлсангиз, (ораларингиздан) ким ҳаж (йўлида) умрадан фойдаланган бўлса (яъни, ҳаж мавсумида аввал умра амалларини бажариб, эҳромдан чиқиб, сўнгра ҳажга эҳром боғлаган бўлса), муяссар бўлган бирон қурбонликни қилсин! Ким (қурбонлик қиладиган нарса) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганидан кейин рўза тутсин! Бу тўла ўн кундир. Ушбу ҳукм аҳли — оиласи Масжидул-Ҳаромда бўлмаган кишилар учундир. (У ернинг аҳолиси учун бундай ҳуқуқ ва бурчлар йўқ). Аллоҳдан қўрқингиз! Ва билингки, Аллоҳ — азоби қаттиқ Зотдир.[37]