Алоуддин Мансур — 298
18:35 Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ — менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди.
18:36 Ва Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам), албатта, бундан ҳам яхшироқ оқибат — бахтни топурман».
18:37 Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа — бир томчи сувдан яратиб, сўнгра уни) инсон қилиб ростлаган зот — Аллоҳга кофир бўлдингми?!
18:38 Мен эса: «У – Аллоҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман.
18:39 Сен боғингга кирган пайтингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг.
18:40 Шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборур, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолур.
18:41 Ёки унинг суви (ерга сингиб кетиб, сен у)ни истаб ҳам топа олмай қолурсан».
18:42 (Дарҳақиқат), унинг мева-боғи ҳалок қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолган ишкомларини (кўриб) ва уларга сарфлаган нарсаларини (ўйлаб), чапак чалганича (афсус-надомат чекканича): «Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!», деб қолаверди.
18:43 Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на ўзи (ўзига) ёрдам бера олгувчи бўлди.
18:44 У жойда (Қиёмат Кунида) ҳам салтанат Ҳақ таолоникидир. У энг яхши савоб — мукофот ато этгувчи ва энг хайрли оқибатни бергувчи Зотдир.
18:45 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг, (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал — киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган Зотдир.