>

Алоуддин Мансур — 296

18:21 Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва Қиёмат соатининг (келиши) шак-шубҳасиз, эканини билишлари учун (одамларни ғордаги йигитларнинг аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқуларидан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот қилишгач) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, (айрим кишилар): «Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигор уларнинг (қайси жойда, қандай ҳолда ётганларини) жуда яхши билур», дедилар. Уларнинг устида ҳукмрон бўлган (подшоҳ ва сарой аъёнлари эса): «Албатта, сиз улар (яъни, Асҳобул-Каҳф) қабрининг устида бир масжид қуриб олурмиз», дейишди.

18:22 Ҳали улар (яъни, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга замондош бўлган яҳудий ва насороларнинг айримлари ўша Асҳобул-Каҳфни): «Учтадир, тўртинчилари итларидир», десалар, айримлари: «Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир», деб ғайбга тош отурлар (яъни, аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар). Яна: «Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир», ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур», денг. Бас, улар (яъни, замондош аҳли китоблар билан Асҳобул-Каҳф) хусусида (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала — мунозара қилинг ва (Асҳобул-Каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво — савол сўраманг!

18:23 Ва бирон нарса ҳақида «Мен албатта эртага қилгувчиман», дея кўрманг.

18:24 Магар «Иншоаллоҳ – Аллоҳ хоҳласа», (денг! Бу сўзларни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан): Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, «Иншоаллоҳ», денг) ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, Асҳобул-Каҳф воқеаси ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ пайғамбар эканлигимга яхшироқ далолат қиладиган) Тўғри Йўлга ҳидоят қилса», денг![2]

18:25 Улар каҳф — ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар.[3]

18:26 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ жуда яхши билгувчидир. Осмонлар ва Ернинг сирлари ёлғиз Уникидир. У зот нақадар кўргувчи, эшитгувчидир! (Одамлар) учун Ундан ўзга бирон дўст-мададкор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас».

18:27 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби — Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз.[4]