Алоуддин Мансур — 294
18:5 Ўзларининг ҳам, ота-боболарининг ҳам бирон билим-маърифати бўлмаган ҳолда («Аллоҳнинг боласи бор», деган кимсаларни). Уларнинг оғизларидан чиққан сўз оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар.
18:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар улар ушбу сўзга — Қуръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қилурсиз (бундоқ қилмоқ сизга нораводир).
18:7 Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат — безак қилиб қўйдик (яъни, ўша безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина Бизнинг синовимиздан ўтурлар).
18:8 Ҳеч шак-шубҳасиз, унинг (Ернинг) устидаги (безаклар)ни сип-силлиқ, қуп-қуруқ қилиб (йўқ қилиб) қўйгувчи ҳам Биздирмиз.
18:9 Балки сиз Каҳф (ғор) ва Битик (уларнинг қиссалари битилган тош) эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (Охират, Қиёмат ҳаққи-рост эканлиги тўғрисидаги) оятларимизнинг энг ажойиби, деб ўйлагандирсиз?[1]
18:10 Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб: «Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат — марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглагин», дедилар.
18:11 Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, уларни ухлатиб) қўйдик.
18:12 Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик.
18:13 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга уларнинг ҳол-хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз иймонларини зиёда қилган йигитлардир.
18:14 Биз уларнинг дилларини (иймонларини) қувватлантирдик — ўшанда улар (золим шоҳ қаршисида) туриб дедилар: «Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга бирон «илоҳ»га ҳаргиз илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз.
18:15 Ана у қавмимиз эса Ундан ўзгаларни «илоҳ» қилиб олдилар. Улар ўзлари учун (ўша бутларнинг илоҳ экани ҳақида) бирон ҳужжат келтирсалар эди. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!»