Алоуддин Мансур — 293
17:105 Биз (Қуръонни) ҳаққи-рост нозил қилдик ва у ҳақ (ҳукм-фармонларимиз) билан нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни фақат (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.
17:106 Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
17:107 Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар (хоҳласангиз), Унга ишонинглар, (хоҳласангиз) ишонманглар. Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар.[12]
17:108 Ва улар: «Эй Пок Парвардигор! Албатта Парвардигоримизнинг («Мен сўнгги пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман», деган) ваъдаси адо қилингувчи ваъдадир», дейдилар.
17:109 Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур.
17:110 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон — Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир». (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар). Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг!
17:111 «Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқаргувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот — Аллоҳ учундир», деб айтинг ва У зотни мудом улуғланг!
18:1 (Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У зот бандаси (Муҳаммад)га Китобни (Қуръонни) нозил қилди ва уни бирон эгрилигисиз — расо (Китоб) қилди.
18:2 Токи (кофирларни) Ўз ҳузуридан келадиган қаттиқ азобдан қўрқитиш ва яхши амаллар қиладиган мўминларга гўзал мукофот — жаннат хушхабарини бериш учун (У зот Қуръонни нозил қилди).
18:3 (Мўминлар ўзлари учун мукофот бўлмиш жаннатда) мангу қолгувчидирлар.
18:4 Шунингдек, У зот «Аллоҳнинг боласи бор», деган кимсаларни (қаттиқ азобдан) огоҳлантириш учун (ушбу Китобни нозил қилгандир).